Бухгалтерияни автоматлаштириш масалалари

баннер10

Бухгалтерия ҳисобини автоматлаштириш бухгалтер ишининг самарадорлигини ошириши ҳаммага маълум. Самарадорлик учта асосий мезон – ҳужжатларни тартибли юритиш, барча ҳисоб-китобларнинг аниқлиги, тезкорлик билан белгиланади. Замонавий дастурлар бу сифатларнинг ҳаммасини таъминлайди. 1UZ шундай дастурлардан биридир. Лекин дастурни харид қилгандан кейин бухгалтер бир қатор муаммоларга дуч келади. Ушбу муаммоларнинг барчасини ҳал этса бўлади, улар билан танишиб чиққандан кейин уларни ҳал этиш йўлларини ҳам билиб оласиз. Билимингиз – қуролингиз!

Маълумотларни бирламчи киритиш

Дастур билан ишлашнинг дастлабки босқичида юзага келадиган муаммолардан бири – барча маълумотларни дастур тизимига кўчириш зарурати ҳисобланади. Бунда кўчириш маълумотларни қоғоз шаклида сақловчи ташувчилардан  амалга оширилганидек бошқа дастурдан ҳам амалга оширилади.

Маълумотларнинг ҳаммасини дастур тизимига кўчириш бирдек осон иш эмас, бу жараённи мураккаблигига қараб, шартли равишда, уч даражага ажратса бўлади: 1. Маълумотномалардаги ахборотни киритиш; 2. Тўлиқ таҳлил қилинган ҳолдаги хисоблар бўйича сальдони тўлдириш; 3. Бухгалтерлик ўтказмалар.

Кўп ҳолларда маълумотларни кўчиришда дастлабки иккита босқичнинг ўзи билан чекланилади. Бухгалтерлик ўтказмаларни кўчириш эса анча мураккаб ва ҳатто амалда имконсиз иш, эски тизимда қўлланиладиган ёрдамчи хисобларнинг янги дастурда ишлатилмаслиги бунинг сабабларидан бири бўлиши мумкин, зеро улардаги маълумотларни кўчириб бўлмайди. Маълумотларни янги тизимга кўчириш босқичидан тезроқ ўтиш учун мутахассисларга мурожаат қилган маъқул.

Нотўғри ҳисоб-китоблар

Бухгалтерлар олдида вужудга келадиган кейинги муаммо – дастур томонидан бажарилган ҳисоб-китобларнинг олдингисига мос тушмаслиги. Бу ҳолда, амалиётнинг кўрсатишича, кўпинча муаммо ўтган давр учун қилинган ҳисоб-китобларнинг нотўғрилигида (бу ҳол кўп учрайди) ёки бошланғич маълумотларни хато киритишда бўлади. Номувофиқликлар юзага келган чоғда бухгалтер ўзининг ҳисоб-китобларини яна бир бор текшириб олиши ҳамда бир ишни такроран бажармаслик учун маълумотларни киритишда эътиборлироқ бўлиши лозим.

Бухгалтерия ҳисобининг ўзи тўғрими?

Айрим ҳолларда бухгалтерия ҳисобини юритиш усулларининг ўзи мунозарали ҳисобланади. Бухгалтер ўз ишида қўллайдиган алгоритмлар етарли даражада самарали бўлмаган, қонунчилик базаси талабларига жавоб бермаган ҳоллар учрайди. Бунда хавотирланишга ўрин йўқ, сиз бухгалтерия ҳисобини ўзингизга таниш бўлган усулларда юритаверишингиз мумкин, лекин бу ҳолда сизга керакли функциялар дастурда автоматлаштирилмаган бўлиши мумкинлигига тайёр бўлинг. Яхшиси, сиз қўллаётган дастурда ишлатилиши лозим бўлган усулларни танлаган маъқул, шунда иш самарали кечади.

Дастурни билмаслик

Дастурда ишлашни билмасангиз – ўқиб-ўрганинг. Ҳатто бухгалтерия ҳисобининг компьютерлаштирилган дастурларида ишлаш тажрибасига эга бўлган бухгалтер ҳам янги дастурнинг имкониятлари билан танишиб чиқиши лозим. Бинобарин, дастурни яхши биладиган киши ҳам баъзида ҳисоб-китоб қилар экан, дастурнинг ўзида зарур амалларни автомат равишда бажарадиган ечимнинг енгилроқ варианти борлигини билмасдан, кўплаб кераксиз операцияларни қилади. Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида 1UZ дастурини  ишлаб чиқувчилар дастурдаги маълумотнома тизимини доимий равишда янгилаб туришга, шунингдек, сузиб чиқувчи дарчаларни, масала ечимини кўрсатувчи ёрдамчи иловаларни қўшишга ҳаракат қиладилар, бу дастурда ишлашни жуда осонлаштиради.

 

Албатта, бу муаммоларни “ҳаракатда – баракат” нақлига амал қилиб мустақил ҳал этиш мумкин. Аммо, ўз вақтингизни қадрласангиз, ўқиб-ўрганганингиз маъқул. Ҳозир 1UZ дастурини харид қилаётганда бепул ўқиш имкониятингиз бор, шунда маълумотларни янги тизимга киритишнинг барча жиҳатларини батафсил билиб оласиз, дастурда ишлашнинг бошланғич босқичидан енгил ўтасиз, қолаверса, у билан янада самаралироқ ишлашни ўрганиб оласиз.

Рўёбга чиқмайдиган умидлар

Дастурни харид қилар экан, кўплаб фойдаланувчилар улар учун зарур бўлган функциялар унда мавжуд бўлишига умид қилишади, лекин кутганлари доим ҳам бўлавермайди, бу эса муаммо туғдиради: муайян модулларга қўшимча ишлов бериш ва бунинг учун тегишли равишда мўмайгина ҳақ тўлаш керак. Шунинг учун дастурнинг пуллик версиясини харид қилишдан олдин унда ўзингизга керак бўлган функциялар бор-йўқлигини текширинг. 1UZ жамоаси худди шу муаммони осонгина ечиш учун сизга дастурнинг кўргазмали версиясини (демо-версиясини) ишлатиб кўриш имкониятини беради. (Сиз уни сайтдан бемалол юклаб олишингиз мумкин). Шу орқали дастурда сизга керакли функцияларнинг ҳаммаси бор-йўқлигини текшириб кўришингиз ва ана шундан сўнггина ишонч билан маҳсулотни харид қилишингиз мумкин, шунда уни қайта ишлов учун беришга ортиқча маблағ сарфлаб ҳам ўтирмайсиз. Бундан ташқари, 1UZ дастурининг тўлиқ версиясини харид қилгандан кейин ҳамма ишни бошидан бошлашингиз шарт эмас, бор-йўғи калитни сотиб оласиз ва худди шу дастурда унга киритилган барча маълумотлар билан бемалол ишлайверасиз.

Янгиланишларни қаердан олса бўлади?

Бухгалтерия ҳисоби учун компьютер дастури – муттасил техник қўллаб-қувватлашни талаб қиладиган маҳсулот. Қонунчилик базасига доимий равишда ўзгартиришлар киритилади. Бундай ўзгартиришларнинг ҳар қайсиси дастурга ҳам муайян тузатишларни киритишни талаб қилади. Шундай экан, бухгалтер учун дастурда амалдаги қонунчиликни акс эттирувчи янгиланишлар доимо талаб қилинади. Яъни бухгалтернинг солиқларни янгиланган формула бўйича ҳисоблаши учун кўплаб кераксиз операцияларни бажаришига эҳтиёж қолмаслиги керак. Бу анча жиддий масала бўлиб, уни ҳал этиш учун ё фирма раҳбариятидан қўшимча маблағ эвазига дастурга муттасил тарзда янгидан ишлов бериш талаб қилинади, бунда эса аксарият ҳолларда дастур харажатлари дастлабки харид нархидан ошиб кетади; ёхуд бухгалтер зарур ҳисоб-китобларни деярли қўлда бажаришига тўғри келади. Лекин 1UZ дастурини харид қилган тақдирда ушбу бош оғриғидан ҳам халос бўласиз. Дастур ишлаб чиқувчилари дастур ишининг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига бутунлай мувофиқ бўлишини кафолатлайдилар. Бунинг устига дастур барча зарурий ўзгаришлар билан бирга доимий тарзда янгиланиб боради.

Кўриниб турибдики, юқорида кўрсатилган муаммоларнинг ҳаммасини ҳал қилса бўлади. Уларни ҳал қилишнинг анча серхарж йўллари бор, лекин барча муаммоларни бир йўл билан ҳал қилиш ҳам мумкин – 1UZ дастурини харид қилинг, вассалом. Масалани қайси усулда ҳал қилиш фақат Сизнинг қарорингизга боғлиқ.